01 Wed, 2026

28 МИНГ ТОННАДАН ЗИЁД ГАЗ ЕТКАЗИБ БЕРИЛДИ

Мамлакатимизда истеъмолчиларни суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш, техник ва технологик жиҳатдан инновацион тeхнологияларни жорий этиш, истеъмолчиларга суюлтирилган газ етказиш тизимини автоматлаштиришга катта эътибор қаратилиб, хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш мақсадида, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ тизимида, шу жумладан, Андижон вилоятида ҳам “Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ томонидан жорий йилнинг 1-ярим йиллигида салмоқли ишлар амалга оширилди.  

Бугун “Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ томонидан вилоят бўйича 367 мингга яқин истеъмолчиларга 575 минг донадан зиёд маиший газ баллонлари орқали суюлтирилган газ етказиб берилмоқда. Истеъмолчиларнинг газ баллонлар билан таъминланганлик даражаси 157% га етказилган. Барча истеъмолчиларга 4 та газ тўлдириш станция ва шахобчалари орқали суюлтирилган газ етказиб бериш йўлга қўйилган. Ушбу газ тўлдириш шохобчаларининг ойлик газ тўлдириш қуввати 4860 тонна ва газ сақлаш қуввати 457 тоннани ташкил этиб, бир вақтнинг ўзида 28 та махсус газ ташиш автотранспортларига хизмат қилиш имкониятига эга.

  Вилоятимиз аҳоли хонадонлари ва бошқа турдаги истеъмолчиларга ўтган 2019 йилда 47 минг тоннадан зиёдроқ суюлтирилган газ етказиб берилган бўлса, жорий йилда 2019 йилга нисбатан 18 минг тонна кўп суюлтирилган газ етказилиши режалаштирилган. 1-ярим йилликда эса 28 минг 617 тонна “зангори олов” етказиб берилди. Бу дегани, 1 миллион 430 мингтадан ортиқ маиший газ баллонлари “айланма” усул орқали алмаштирилиб берилди, демакдир. Ўтган олти ой мобайнида, белгиланган режани “Хонободшаҳаргаз” филиали 122 фоизга, “Марҳаматтумангаз” ва “Пахтаободтумангаз” филиаллари 113 фоизга, улуғнорликлар 110 фоизга ҳамда олтинкўллик газ таъминоти ходимлари 106 фоизга бажардилар. Шунингдек, Қорасув шаҳри, Андижон ва Асака тумани истеъмолчиларига ҳам таъминот 100 фоизлик режадан ўтказиб эҳтиёжларига мувофиқ газ билан таъминландилар. Бугун вилоят бўйича суюлтирилган газ етказиб беришнинг ўртача даврийлиги 40-45 кунга тўғри келмоқда.  

 Республикамиздаги эпидемиологик вазият даврида “Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ ҳам ўз истеъмолчиларини табиий ва суюлтирилган газ билан мунтазам таъминлаб келмоқда. Барча  газ тўлдириш шаҳобча ва станцияларида  аҳолига суюлтирилган газни ўз вақтида етказиб бериш мақсадида, барча шароитлар яратилган. Энг аввало, газ тўлдириш шаҳобчаларига суюлтирилган маиший газ баллонларини тўлиқ дезинфекция қилувчи махсус қурилмалар ўрнатилди. Ушбу қурилмалар туфайли аҳоли хонадонларидан келаётган маиший газ баллонларини махсус кимёвий воситалар ёрдамида дезинфекция қилгандан сўнг, газ тўлдирилган ҳолда хонадонларга юбориш имкони туғилди. 

Авваллари, маиший газ баллонлари қўлда эҳтимолий вируслардан тозаланган бўлса, эндиликда ушбу ускуна ёрдамида ҳар бир автотранспортдаги газ баллонлар бирваракайига дезинфекция қилинади. Бу ҳам вақтни тежамоқда, ҳам барча маиший газ баллонларини тўлиқ дезинфекцияламоқда. Ушбу қурилма аҳолига хавфсизлик меъёрлари асосида газ баллонларни етказиб беришда қўл келмоқда. Жорий йилнинг март ойидан бошлаб вилоятдаги суюлтирилган газ истеъмолчилари учун яна бир янгилик жорий этилди. Истеъмолчиларга суюлтирилган газни етказиб бериш учун мўлжалланган мавжуд 67 та автотранспорт воситалари назорат тарозилари билан тўлиқ таъминланди. Энди ҳар бир истеъмолчи, ўзи олаётган суюлтирилган газни маиший газ баллонни алмаштириш вақтида оғирлигини ўлчаб олиш имкониятига эга бўлди. 

“Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ матбуот хизмати

Шарҳлар

Шарҳ қолдириш

Ўхшаш янгиликлар