01 Wed, 2026

Блогернинг вазифаси нима?

Куни кеча ижтимоий тармоқларда ўзини блогерман деб таништираётган, бир иккита саҳифа очиб, учта тўртта маълумот ёзиб ўзига юқори баҳо бераётган, ҳатто давлат ташкилотлари ҳодимларига аҳлоқсизларча муносабатда бўлаётган блогерни таниб қолдим. Ҳатто мактабда дурустроқ ўқий олмаган, маҳалла болалари орасида бирор кўнгилсизлик бўлса суриштириб борилса масаланинг асосий учи унга бориб қадаладиган, устозларни бездириб юрадиган йигитнинг блогерман дейиши таажубга солди.

Наҳотки ахборот майдонини ким бўлса эгаллаб олаверса. Ким тўғри келса ўзини блогерман деб эьлон қилса.


“Айни вақтда барчамиз бир ҳақиқатни унутмаслигимиз зарур: ахборот майдонидаги турли баҳс ва тортишувлар, аввало, ҳаққонийлик ва холислик тамойилларига асосланиши, қонун ва одоб қоидалари доирасида бўлиши, шахсий ғараз ва хусуматга, сохта обрў орттириш усулига айланиб кетмаслиги, инсон шахси ва шаънини таҳқирлашдан йироқ бўлиши, бундай салбий ҳолатларга бизнинг медиа майдонимизда мутлақо ўрин бўлмаслиги керак”.


Ш.Мирзиёев


Блогернинг вазифаси фақат камчиликларни ёритишдан иборатми?

Ижтимоий тармоқларда фаол бўлган дўстим Гулмира Султонова “Блогер дегани фақат камчилик қидирадиган одамларми?” деб савол берди. Нега сўраётганига қизиқдим. Бирорта яҳши фикр билдирган блогерни кўрмагани учун уларнинг вазифаси шу бўлса керак деб ўйлаганини айтди.  

Бугун ёзган мақолангизни таҳририятга бориб навбат кутиб топширишингиз шарт эмас. Қўлингизда уяли алоқа, ва доимий интернет.   Ижтимоий тармоқлар орқали бутун дунёга саноқли дақиқаларда етказа оласиз. Одамларнинг фикрини ҳам шу заҳотиёқ билиш имкониятига эгасиз.

Аммо талабалик даврларимда ота-онамнинг газета ўқиб, телевизорда ахборотни кузатиб ўтирган даврлари менга завқлироқ туюлади.

Тўғри замонамиз кундан кунга шиддат билан ривожланиб бормоқда. Бугунги дунёни ахборотлар дунёси десак ҳато бўлмайди. Маълумотлар тезлиги шу даражада шиддатлики, вақт қандай ўтганини сезмай қоласан киши.

Эслайман дадам энг камида 5 та газетага обуна бўлардилар. Ҳар хафта газеталари келса авайлаб ўқиб олиб қўярдик. Почта ҳодими маҳалладаги деярли хаммага газета улашарди.

Бугун ҳеч кимнинг уйига почта ҳодимининг ташрифини кузатмайсиз. Ҳамма хабарни интернетдан ўқиб олаверади. 

Нахотки телевиения ёки газетанинг аҳамияти қолмаган бўлса?  

Тўғри бугунги кунда Ҳаёт тарзимиз тамоман ўзгарган. Кўп вароқли журналлар, газеталарни кўтариб юргандан телефондан маълумот олиш балки қулайроқдир. Ёки газеталаримиз бугунги инсонлар талабига жавоб бермай қўйганми? Интернетда асосланмаган ва ёлғон хабарлар, кераксиз ва аҳлоқсиз ахборотлар қайнаб ётибди. Шунга қарамай одамлар ҳамон интернет ва ижтимоий тармоқларда.

Илгари газетада мақола чиқариш, шаҳсий фикрим, ижодий   ишимни чоп эттиришим учун бир нечта таниқли ёзувчилар билан маслаҳатлашар эдим.   Улар кўпроқ китоб ўқишимни, буюк алломаларнинг ижодини ўрганишимни тавсия қилишарди. Сўз салмоғини оқлаш масъулиятли вазифа эканлигини, сўз ҳам тўғри фойдаланилмаса исроф эканлигини уқтиришарди.

Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда ўзларини блогер деб таништираётган баъзи ёшларни кўриб ҳайратда қоламан. Ёзаётган маълумотлари, билдираётган муносабатлари ҳад, чегара билмайди. Асосланмаган маълумотларни қўрқмай баён қилишади. 

Блогер ўзи ким? Унинг вазифаси нима? ҳуқуқ ва мажбуриятлари борми? каби саволлар туғилади менда. Тўғри келган одам блогер бўлиши мумкинми? Билганларим эса қуийдагича – “Блог” сўзи инглизча бўлиб, у воқеа-ҳодисаларни қайд этувчи интернет-журнал, интернет-кундалик, онлайн-кундалик каби маноларни англатади. “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунда блогерларга интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа хусусиятга эга ахборотни жойлаштирувчи, шу жумладан ахборотдан фойдаланувчилар томонидан ушбу ахборотни муҳокама қилиш учун жойлаштирувчи жисмоний шахс ҳисобланади дея таъриф келтирилган.

Умуман олганда уларни маълум бир воқелик юзасидан ўз шаҳсий позициясини билдирувчи ижтимоий фаол фуқаролар десак ҳам бўлади назаримда.

Интернет тармоғида ахборотсиз майдон йўқ. Интернетнинг ўзи ахборотдан ташкил топган. Бугун одамлар маълумотларни асосан интернетдан олаётган экан, ундаги ахборотларни тарқатаётган ижтимоий фаол фуқаролар яъни блогерларнинг савиясига ҳам эьтибор бериш вақти келмадимикин?   Мунтазам интернет тармоғида фаолият кўрсатмоқчи бўлган фуқаролар ўз савиялари устида ишлаши, мамлакатимиз шаъни ва қадр қимматига зиён етказувчи ҳаракатлар қилмаслиги керак. 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг блогерлар билан учрашгани, уларни қўллаб-қувватлаётгани мамлакатда сўз эркинлигини таъминлашнинг асосий омили ҳисобланади. “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари”нинг байрам кунида бир гуруҳ блогерларнинг ҳам давлат мукофотлари билан тақдирланиши эса мамлакатда блогерлар мавқеини янада оширди.

Давлатимиз раҳбари одилона ёндошуви билан барча соҳаларга ва соҳа ходимларига кенг имкониятлар яратиб бермоқда. Бироқ буни сувистеъмол қилиш ҳам тўғри бўлмайди. 

Балки хурматли блогерларга ҳам талаб қўйиш керакдир. 

Тан олишим керак блогерлар орасида истеъдодига қойил қолдирадиган, ўнта олий маълумотли журналистдан яҳши ёза оладиганлари ҳам йўқ эмас.

Баъзи блогерлар фаолиятини ҳавас билан кузатишимни ҳам яширмайман. Уларнинг бераётган маълумотларидан билимли ва тажрибали экани сезилиб туради.  Ҳар қандай ахборотга маданият ва маънавият билан ёндошишни билади. Жумладан хуқуқшунос Хушнудбек Эгамбердиев фаолиятини мисол келтира оламан. Ҳар битта маълумотни асослаб эълон қилади. Танқидий матарияалларида ҳам хақиқат бор, изох бор. Ушбу блогерни бериб бораётган ахборотларини нафақат фойдали экани, балки хаёт ва фаолиятимизда асқотадиган зарур манбааларга таянишини эътироф этишим шарт. 

Айрим блогерлар ўз фаолиятини фақат камчиликларни ёритишдан иборат, танқид қилсам осон таниламан деб ўйласалар керак. Аммо ҳар қандай вазиятда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ривожланишлар, юксалишларга кўз юмиб кетмаслик адолатли бўлиш лозим. Хар бир муносабат адолатли бўлиши тарафдориман. Гўёки таниқдий материялни ёритиш билан ўзларини ҳақиқий блогердек ҳис этадилар. Ижтимоий тармоқлар орқали уларнинг чиқишларини мунтазам кузатиб боряпман. Мазмунли ва фойдали ахборот тарқатаётган блогерлар ҳам бор. Бунга кўз юмиб бўлмайди. Уларнинг ахборот алмашиш тезлигига, фикрларининг теъранлигига қойил қоламан. Аммо баъзиларини ҳато-камчиликлари, ўйламай асосламай ёзган ахборотлари ҳайратлантиради. 

Тўғри блогерлар эркин фикрли инсонлардир. Фуқаролари эркин фикрлайдиган мамлакатда ривожланиш бўлади. Шунингдек блогерлар жамиятимиз ривожи учун керакли эканлигини аллақачон исботлашди ҳам назаримда. Чунки айнан уларнинг журъати ва ўзига бўлган ишончи, довюраклиги сабаб, баъзи давлат хизмати ходимлари ўз ўзини танқид қилишни ўргандилар, ҳар бир харакатига хўшёрлик ва масъулият билан ёндошишни касб қилдилар. 

Аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор ижтимоий тармоқларни кузата туриб мамлакатимизда аллақачон ўз ўрнини топиб олган блогерларга талаб қўйишимиз мумкинми? Ёки уларнинг айримлари ахлоқсизлиги холда бошқа ёшларни ҳам кераксиз маълумотлар билан захарлашда давом этаверадиларми?

Билишимча қисқа таъриф берганда блогерлар интернетда ахборот тарқатувчи шаҳслардир. Шундай бўлсада миллий минталитетимиз, миллий манфаатларимизни четлаб ўтувчи ахборотларни тарқатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Улар маълумот тайёрлаётганларида ёки бирор ҳолат устидан муносабат билдираётганларида одоб –ахлоқ меёрларига амал қилиши, андиша доирасидан чиқмаслиги, Ўзбекистон Республикаси Қонунчилиги талабларига риоя қилишлари шарт. Айниқса бизга устозларимиз айтганидек давлат тили мақомига эга ўзбек тилимизни исроф қилмасликлари лозим. Блогерлар ҳар бир таёрлаётган маълумоти учун ўзида жавобгарликни ҳис қилсин.   Блогерликни касб қилмоқчи бўлган дўстларимиз таниқли журналистлардан билим олсин, маҳорат дарсларига қатнашсин, китоб ўқисин, ўз устида ишласин. Шу ўринда таъкидлаб ўтишим ўринлики шаҳсан блогерларга адоватим йўқ, аммо тўғри ва адолатли фаолият – ривожланиш меъвасидир. Ҳар бир блогер фақат ўз манфаатини, шон-шуҳратини ёки даромадини ўйлаб эмас, уларни мунтазам кузатаётган халқ олдидаги масъулиятини ҳам теъран англасинлар.


Камола Абдувалиева

“Миллий тикланиш” партияси

 Андижон вилоят Кенгаши матбуот котиби

Шарҳлар

Шарҳ қолдириш

Ўхшаш янгиликлар