Фалсафанинг ўн икки жихати
Бизнинг орзуларимиз (туркумдан)
Бизнинг орзуларимиз. Тасаввур илми бор экан, бизнинг орзуларимиз ўлчами йиллар, ойлар, кунлар оша ҳеч бир қолипга сиғмай ўсавериши ёки оддийлик бирлигида қолиши, табиий ҳол. Нима учун? Дунё мамлакат одамлари турлича ақидалар, урф-одатлар, қоидаларга эга бўлсада, нечукдир уларнинг орзулари ва хаттоки уйқуларида кўражак тушлари 50-60% га ўхшаш бўлармиш. Бу эхтимол эмас. Илм-фанни юксак орзу даражасига кўтарган Оврупо тадқиқотчиларининг хулосаси. Албатта, ҳар ким орзу қилади. Сиз каби. Асли Яратгувчидан сўралгувчи тилак ҳам орзулардан иборат. Лекин чин мусулмон кишининг тилаги инсонпарварликка яқинроқ,шундай эмасми.У ўзи каби инсонлар учун Яратгандан тинчлик, фаровонлик сўрайди, ўзи билгувчи ягона дунё аҳли осудаликда яшашини тилайди. Бу жуда яхши истак. Худбин кишининг сўрови эмас. Бошқаларники каби моддийликдангина иборат орзу эмас бу. Асли давлат Боши, рахбари, рахнамосига лойиқ тилак. Бу-жуда ажойиб.
Сиз яқинларингиз, дўсту биродарларингизнинг изхори орзу-истакларига ҳеч қулоқ тутганмисиз? Улар нимани исташи, ўлчамли умрлари давомида нималарга ружу қўйиши ё қўймаслиги ҳақида сиз нима биласиз? Ёки мана масалан сизнинг ўзингиз. Агар 20 ёш атрофида бўлсангиз, албатта, бирор бир обрўли Олийгохда ўқишни, уни тугатиб обрўлироқ жойда ишлашни, оила тутиб, фарзанд кўришни орзу қилишингиз эхтимоли кўпроқ. Бизни тилда бу орзуни оммавий дейишади. Чиндан ҳам гўзал орзу. Ахир айтишадику, ҳаётда 2 нарса-умр йўлдош ва касб бир умрликдир деб. Яшайверсангиз, қўлингиздаги орзулар рўйхати учун қоғозлар етмай ҳам қолади.
Фалсафада ажиб бир қараш мавжуд: қай бир мавзу бўлмасин, у 12 қирралидир-унинг 12 томонидан қараб туриб, 12 хил фикр билдириш мумкин. Худди бизнинг орзуларимиз мавзуси каби. У ҳақда аниқ ва тўғри жавоб мавжуд эмасдир, худди бизнинг қилажак орзуларимиз каби. Бир одамни биламан ва унга нисбатан қиттаккина ҳавасим ҳам йўқ эмас. Бутун ҳаёти ипга чизилгандек аниқ ва бехато, худди дўкондан олиб келиниши лозим бўлган егуликлар рўйхати каби. Бир гал сўрадим: “бу –зерикарли эмасми?” деб. “Йўқ”, деб жавоб берди. Яна сўрадим:”Кутилмаган бирор воқеа содир бўлса-чи? Мана, масалан йўлда кета туриб бирор кишини автоулов халокатидан қутқариб қолсанг-у, сўнг у сенинг ҳаётингга кириб келиб, ундан ўрин олса. Унда нима бўлади?” “Мен ҳеч қачон, ҳеч кимни автохалокатдан қутқармайман, қарамайман ҳам, ундайларга Аллох ёрдам беради, нималар деяпсан ўзи?” “Ўша одамни олдига Аллох сени юборган бўлса-чи?” У менга ўқрайиб қараб тургач, сўнг кулиб дейди: “Бошимни қотирмагин кўп!!”.
Орзулар ҳақида... Бир орзу қиларканмиз, кўпчилигимиз шу аломат орзуларимизда фақат ўзимизни, лозим бўлса оиламиз аъзоларини кўрамиз, тасаввур этамиз: бахт,бойлик, тўкинлик дастурхони (бу асосий таъкид), тўй-томоша, хашам, кийим-кечак,данғиллама уйлар, хизматкорлар...Йўқ-йўқ, бемалол ҳаёлингизни сузаверинг, бунга менинг эътирозим йўқ. Фалсафа фанининг 12 қиёфасининг биттаси таърифича, тинчлик бўлсин, токи яхшиликлар ҳақидагина орзу қилиш ҳар кимга насиб этсин. Бу тизгинсиз моддий орзуларимизнинг қўллари шунчалик оғирки, унча-мунчани ўзига банди қилади, ўзидан бошқасига қиё боқтирмайди-худди рашкчи рафиқа каби. Лоақал бир марта бўлсин, кўча-кўйда, ён-атрофда бирор бир мискинни кўргансиз-буни биламан. Жуда нари борса чўнтагингиздан анча-мунча пул чиқариб садақа қиласиз,буни ҳам биламан ва шу билан кўнглингиздаги барча ғуборлар тарқайди. Холбуки, бу ишни бирор марта қилмайдиганлар ҳам кўп. Сизга асло эътирозим йўқ.
Сизга айтмоқчи бўлганим бошқа. Бугун дунёнинг ўлчами, қиймати,қадри бошқача. У сизнинг ҳам ўзгаришингиз, бошқача бўлишингизни истайди. Инсонларни яхши ва ёмонга, одил ва жохилга ажратиш ўринсиз. Барча тенг ва барчамизга бирдек ИМКОН берилган. Орзуларимизга нималарни қўшиш ё қўшмаслик ҳам ихтиёрийдир. Аниқ бир сабаб ва эхтимол, режа йўқ. Фақатгина фалсафанинг 12 жихати мавжуд. Балки, орзуларингиз, режаларингиз ва тилакларингизни яна бир қайта кўриб чиқарсиз, нималардир қўшарсиз, нималарнидир чиқарарсиз. Бу- эхтимол. Орзулар тахлами эса беўлчовдир, агар унга инсонийлик, қадр, химматдан қиттаккина қўшилса...Бу ҳам эхтимол.
Сабоҳат Раҳмонова
❤️❤️❤️