ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ МЕҲННАТ КОДЕКСИ БИЛАН НИМАЛАР ЎЗГАРМОҚДА?
Маълумки, 28.10.2022 йилда “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги ЎРҚ-798-сон Қонун қилинди. Мазкур қонуннинг кучга кириши эса 30.04.2023 йилдан этиб белгиланди.
Меҳнат кодекси ижтимоий муносабатларда асосий ричаг вазифаларидан бири ҳисобланади. Айнан шу боисдан ҳам Меҳнат кодексининг аҳамияти юқори ҳисобланади.
Таъкидлаш керакки, Янги Меҳнат кодекси билан бир қатор ижобий ўзгаришлар ҳамда қўшимчалар киритилмоқда. Масалан асосий принсипларнинг белгиланиши бу меҳнат муносабатларини тартибга солишда қатъий йўналишлар билан белгиланишини англатади. Қуйидаги асосий принсипларнинг белгиланди:
• меҳнат ҳуқуқларининг тенглиги, меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш;
• меҳнат эркинлиги ва мажбурий меҳнатни тақиқлаш;
• меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик;
• меҳнат ҳуқуқлари таъминланишининг ва меҳнат мажбуриятлари бажарилишининг кафолатланганлиги;
• ходимнинг ҳуқуқий ҳолати ёмонлашишига йўл қўйилмаслиги.
Шунингдек, меҳнат муносабатларида Аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари масалалари тартибга солинмоқда. Унга кўра, давлат аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш бўйича қўшимча иш ўринларини, ихтисослаштирилган ташкилотларни, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахслар меҳнат қилиши учун ташкилотларни ташкил этиш, махсус қайта тайёрлаш ва малака ошириш дастурларини ташкил этиш, иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш каби қўшимча кафолатларни таъминлайди.
Яна бир муаммолардан бири бўлган оммавий равишда ишдан бўшатиш мезонлари тартибга солиниши кўзда тутилган. Хусусан, унга кўра, ходимларни оммавий равишда ишдан бўшатиш чоғидаги кафолатлар белгиланмоқда. Хусусан, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларни оммавий равишда ишдан бўшатиш тўғрисидаги қарорларни ушбу кечиктириш келтириб чиқарган йўқотишларни иш берувчига бир вақтнинг ўзида қисман ёки тўлиқ компенсация қилиш орқали олти ой муддатгача тўхтатиб туриши мумкин.
Ходимларни оммавий равишда ишдан бўшатиш мезонлари қуйидагича белгиланди:
а) ходимларининг сони йигирма нафар ва ундан ортиқ бўлган ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги ташкилотни (унинг алоҳида бўлинмасини) тугатиш;
б) ходимлар сонининг (штатининг) қуйидаги миқдорда:
• ўттиз календар кун ичида эллик нафар ва ундан ортиқ ходимнинг;
• олтмиш календар кун ичида икки юз нафар ва ундан ортиқ ходимнинг;
• тўқсон календар кун ичида беш юз нафар ва ундан ортиқ ходимнинг қисқариши.
Эндиликда муддатли меҳнат шартномасининг муддати уч йилдан кўп бўлмаган муайян муддатга (муддатли меҳнат шартномаси) тузилиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Шунингдек йиллик асосий та’тил ҳам 21 календар кунидан кам бўлмаслиги белгиланмоқда (амалдаги Меҳнат кодексига кўра, 15 иш кунидан кам бўлмаслиги келтирилган).
Асосий ўзгаришлардан яна бири ходим билан иш берувчи ўртасидаги якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ҳақиқатда тартибга соладиган фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартномалар тузиш тақиқланганлиги бўлди.
2023-йил 30-апрел санасидан кучга кириши кутилаётган янги Меҳнат кодексида бир қатор ўзгаришлар кузатилмоқда. Таъкидлаш жоизки, Меҳнат тўғрисидаги қонунчилик қуйидаги шахсларга нисбатан (агар улар бир вақтнинг ўзида иш берувчилар ёки уларнинг вакиллари сифатида иш юритмаса) татбиқ этилмайди:
• муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга;
• ташкилотларнинг кузатув кенгашлари аъзоларига;
• мазкур ташкилотнинг ходимлари бўлмаган тафтиш комиссиялари а’золарига (тафтишчиларга);
• фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартномалар асосида ишларни бажараётган (хизматлар кўрсатаётган) шахсларга;
• агар қонунда белгиланган бўлса, бошқа шахсларга.
Улуғнор туман адлия
бўлими бош маслаҳатчиси: Ш.Шоядбеков
❤️❤️❤️