Банк ходимлари уч йилда 15 жиноят содир этган
Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган низолар бўйича судга қилинган мурожаатларни таҳлил қилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсадида Хоразм вилоят судининг раиси Баҳодир Полванов ҳудудда фаолият олиб бораётган тижорат банклари вакиллари билан учрашди.
Марказий банкнинг Хоразм вилоят бош бошқармасида ўтказилган тадбирда юртимизда тадбиркорлик фаолиятига яратилган имкониятлар натижасида банкдан кредит олиш масаласи йилдан-йилга соддалашиб бораётгани, аммо таваккалчиликка асосланган соҳа ишбилармонлари орасида қарзга олинган маблағни тўғри сарфлаган ёки аксинча бошқа мақсадларда ишлатиб юбораётгани ҳам мавжуд эканлиги қайд этилди.
Шу сабабли вилоят фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича судларида банк ва мижоз ўртасидаги шартноманинг бузилиши натижасида юзага келадиган низоларга доир мурожаатлар сони кўпчиликни ташкил этмоқда.
Вилоят суди раиси ва фуқаролик, иқтисодий ишлар бўйича судьялар иштирокчиларга судга даъво аризасини киритишда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар, қонунчиликда белгиланган меъёрлар ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, тадбирда банк, жисмоний ва юридик шахслар ўртасида бўладиган суд процессларида кузатиладиган асосий камчиликлар ва уларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди.
Хоразм вилоят судининг жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлимининг маълумотига кўра, 2019 – 2020 йиллар ва жорий йилнинг биринчи чорагида банк ходимлари томонидан 15 та жиноят содир этилган.
❤️❤️❤️