ИЧКАРИДА
“Ўз-ўзига бўйсунмаганни – бошқалар бўйсундиради” (Ф.Нитше)
...бундай ҳолат аввал ҳам бўлган: тушкунликка тушган пайтларим ўз-ўзимни бир неча кунга ичкарига “қамардим” ва шу йўл билан ўйлаб олишга, ҳаётим ҳақида фикр юритиш ва ундаги режаларимни қайта кўриб чиқиб, уларнинг чин эканига ишонч ҳосил қилишим учун мағрур туриб ўзимга ўзим фурсат ва имкон берардим.
Буни қарангки, ҳозирда бу имкон барча инсонлар қатори ҳатто чумолига ҳам берилди. Чумоли деганим: ҳамиша инсонлар оёқлари остида қолиб кўпчилиги ҳалок бўладиган бу жонивор – СУКУТГА ЧЎМГАН МАМЛАКАТЛАРаро нафақат омон қолди, хаттоки бу омонлик туфайли бир неча минг баробарга кўпая олди ҳам – уларда ўлим кўрсаткичи кескин камайди(албатта, оёқостида қолиб (чунки кўчаларда бу оёқларнинг ўзи деярли қолмади) ўлмаслик уларни қутқарди).
Қанчалар ачинарли бўлмасин (шу “ачинарли” сўзини “ғаройиб”га алмаштирардим жон деб. Чунки бу ўринда ҳеч кимни нохақ айбламоқчи ёки миллатим ўтмиши ва истиқболига тош ҳам отмоқчимасман. Бундан йироқман. Чунки мен ҳам шу миллат вакилиман, фақат бир оз “бошқача” тарбия олган бўлсам керак ва ёки “орттирилган” тарбиядир бу. Бу муҳим эмас. Айнан шу айтмоқчи бўлаётганларим аслида мавзудир), биз жуда ғаройиб халқмиз. Ҳаётимизда емишга жуда катта ўрин берганмиз. Умримиз давомида энг кўп ишлатиладиган сўз ҳам “овқат” бўлса керак. Танглайимизни шу сўз билан кўтарганлари-аниқ. Кечқурун уйқуга ётишдан аввал эртага эрталаб нонуштага нима ейишимизни “ҳисоб-китоб” қиламиз, керак бўлса, тайёргарлик кўриб қўямиз. Лекин асло шу “ташвиш” ўрнига қўлимизга бирор китоб тутмаймиз ва ёки барча ухлагач, ўзимиз ва турмушимиз ҳақида фикр юритиб кўрмаймиз, балки эртага эрталабки нонуштага пиширилажак таом ҳақида ўй сурамиз. Эрталаб ҳам бўлди,дейлик. Нонушта еб бўлингач, тушликка пиширилажак таом ҳақида, тушликдан сўнг эса кечки танаввулга доир фикрлар билан дугона бўламиз. Мен фақат аёллар ҳақида гапирмаяпман, барчага тегишлидир бу мавзу. Оила эса, ўзингиз биласиз – кичик жамоатдир, ундаги стратегия, режа ва амалдаги қонунлар болаларга ҳам тегишли бўлади – улар ҳам шу “олучага қараб ранг оладилар”.
Аввал шундай оилалар бўларди: ундаги ҳар бир аъзо мажбурияти, яъни уй ва рўзғор ишларида бажарадиган кунлик вазифалари, қилажак дарслари, шуғулланажак машғулотлари, ўқилажак китоблари ва ниҳоят кун якунида - дастурхон атрофида бўлажак кунлик фикр-мулоҳазалар, содир бўлган ва бўлажак воқеа-ходисалар, буларга ота-онанинг муносабати, рағбати бўларди. Овқат эса бу муҳим ишлар устида шунчаки тановул қилинарди, холос. Яшаш учунгина овқатланиларди. У вақтда емишнинг ўрни, обрўси йўқ эди, уйда овқат бўлмаса ҳам ташвиш чекилмасди – шунчаки бошқа бирор еса бўладиган озуқа билан кифоялананиларди. “Қориннинг тўймаслиги, оч қолиш” каби сўзлар деярли ишлатилмасди. Чунки ОДАМЛАРНИНГ КЎЗИ ТЎҚ ЭДИ. Бахтки, камина ҳам емишга асосий ўрин берилмаган шундай оилалардан бирида катта бўлган. Ва ҳозир ҳам, шукрки, овқат, емиш мен учун ҳаётимда сўнгги поғонада туради.
Булар ҳақида сўзлаётганимнинг сабаби бор, албатта. Юртимиздаги бугунги ҳолат туфайли одамлар ичкарида қолишди. Ўз муаммолари билан. Ўз тушунчалари билан. Холбуки, тушунчаларимиз юксак бўлмас экан, биз 20, 40, 50, 60-70 ёшга кирсакда, шу қурмағур овқатдан бошқа фикрни қабул қилмай қолаверамиз, бир умр энг гўзал дақиқалар (айтайлик, кун ботиши, қуёш чиқиши, камалак, ўрик гули) ёнимиздан сувдек оқиб ўтиб кетаверади, оёқларимиз остида ғимирлаб тонгдан оқшомга қадар ўз жамияти иқтисодиёти учун меҳнат қиладиган чумолини ҳам кўзимиз кўролмай, уни босиб-янчиб кетаверамиз емиш олиш учун дўкон томонга. Шусиз ҳам ОВҚАТ билан яшаладиган умримиз, шу кунларда янада овқат мавзусига ботиб қолди. Бир дўстим айтади: “Ё Худо! Нима қилишга ҳайронман. Бутун оиламдагилар овқат ейишдан бўшашмаяпти. Фақат овқат, овқат ва яна овқат. Семириб кетганимни кўр!” Ҳа, тушунаман. Ахир шунгачаям бизнинг бундан кўра муҳимроқ мавзуимиз бормиди? Албатта, йўқ эди! Балки бундан кейин ҳам бўлмас. Нақадар даҳшат! Умримиз мезони шу бўлса-ю, биз шундай яшаб ўтсак!? Сиз шунга рози бўлармидингиз? Ахир дунёда бундан бошқа мавзулар, орзулар, ўйлар мавжуд-ку?Нима учун ҳаётимизни айнан шу ердан қайта бошлаш ҳақида ўйлаб кўрмайсиз? Ҳар биримиз учун дунёга қорин билан эмас, кўз билан қараш фурсати етмадимикан? Агар ҳар ким, ҳеч бўлмаса битта оиладан бир киши бизга берилган ушбу “ичкарида”ги имкондан унумли фойдаланса эди? Ўзи, қолаверса, оиласининг эртаси ҳақида ўйлаб олиш учун фурсат етарли. (Бунинг учун тунни кутиш ҳам шарт эмас, шундоқ уйингиздан ташқарига чиқиб, бирор дарахт панасида ўтириб олиб фикр юритсангиз ҳам бўлади – сизга ҳеч ким халал бермайди). Ўз ҳаётимиз ва оиламиз келажагини қайтадан кўриб чиқиб, режа ва стратегияларни ўзгартириш орқали емак масаласини охирги бўлмаса ҳам орқароқ поғонага тушириш керакмикан!
Ўйлаб кўринг-“қорин ғами” ҳеч қачон тугамайди. Масалан, сиз тўйиб овқат еганингиздан кейин ҳам бирор иш билан жиддий шуғуллана олмайсиз, чунки бу пайтда еган овқатингизни ҳазм қилишдек “масъулиятли” иш билан банд бўлади танангиз ва бундай чоғ миянгиз ҳеч нарсани қабул қилмайди, уйқу зўрлик қилади.. Тунда ҳам шу аҳвол. Қарабсизки, бутун умрингиз емиш ва сиз ундан олажак бемаъни “мазза” билан ўтиб кетади. Даҳшатнинг ўзгинаси, шундай эмасми? Ақлли ва билимдон (омадлилари бу поғонага тегишли эмас) шахсларнингкатта фоизи бизнинг тилда айтганда, иқтисодий томондан ночорроқ бўлган оилалардан келиб чиқишининг сири ҳам шундадир, балки. Асли улар иқтисодий ночорроқ эмас, аксинча, расоматли ва иқтисодкор оилалардир. Бундай оилаларда қоринга тушган емак миқдори эмас, мияга йиғилган ақл коэффициенти муҳимдир. Шунақа гаплар. Юқорида айтганимдек, мен ҳеч кимни айбламоқчи ёки айбдор қилмоқчи эмасман. Фақатгина емиш ҳақида камроқ ўйлаш ва асосий эътиборни ўз устимизда кўпроқ ишлашга қаратишни айтмоқчиман, холос.
Бир куни бажарган ишларимни номукаммал деб қайтарган нашрдан жаҳлим чиқиб турганди, ўғлим қўнғироқ қилиб қолди.
-Мен бу ердан кетишга қарор қилдим. Энди бу ерда яшамайман, - дедим.
-Қаерга кетасиз? – сўради ўғлим.
-Қаерга бўлса ҳам майли. Фақат бу ерда қолишни истамайман! Россия ёки Туркияга кетаман,- дедим ўйламай.
-У ерда нима қиласиз? – Ўғлимнинг овози ҳар доимгидек вазмин эди.
-Ишлайман. Пул топиш керак-ку? – Шу ерга келганда қизариб кетдим. Чунки бу - менинг сўзим, мен айтадиган сўз эмасди. Бу менинг қарашларимга бегона ва бемаъни фикр эди.
-Сизга пул керакми, аяжон? –Ўғлим сўзида давом этди, - сизга қанча керак? Менга айтинг, мен сизга пул юбораман. Лекин мен сизнинг ўзингизга мос келмаган иш билан машғул бўлишингизни хоҳламайман. Сиз ўзингизга ёққан ишни қилинг, ахир шуни айтишим керакми? Буни ўзингиз бизга ўргатгансиз-ку?
Бу суҳбат анча вақт илгари бўлиб ўтганди, мен ўшанда ўғлимнинг айтган сўзларидан ерга кириб кетай дегандим ва биз ушбу мавзу ҳақида бошқа сўзлашмадик. Бу менинг ўз фарзандимдан эшитган, ҳарқалай, илк дакким бўлмасада, у мен учун бир умрга етарли бўлди. Нафақат пул, шунингдек инсон қўли билан яратилажак жамики моддийлик ҳеч қачон орзу ва мақсад бўлолмаслиги, инсон бўлиш учун маънавий, руҳий орзулар томон келажак сари олға кетаётган шахс – сиз – биз - ҳаммамиз учун у фақатгина оддий бир омил, арзимас емиш эканини унутмасак, кифоя. Ахир, нафсни жиловлай олиш, унинг талабини тўла қондирмаслик – бизнинг қўлимизда. Эртадан-кечгача овқатни ўйлаб яшаш қийин, қўйиб берсангиз бир ойлик озуқа “қамалган” музлатгични уч кунда тамом қилади бу нафс деганлари. Биз аввало руҳий очлигимиз ҳақида ўйлашимиз керак. Уни тўйғаза олсаккина, нафс ва қорин очлигини енга оламиз. Улуғ немис файласуфи Нитше айтганидек, “биз ўз-ўзимизни жиловлашни ўрганмас эканмиз, бизларни бошқалар жиловлаб олади”.
Ҳозирча ИЧКАРИДА эканмиз, шулар ҳақида ўйлаб олишга бирмунча фурсатимиз бор.
САБОҲАТ РАҲМОНОВА.
❤️❤️❤️