Қирғиз-тожик можароси Мирзиёевнинг аралашуви билан барҳам топди
Қирғиз-тожик чегарасида содир бўлган қуролли тўқнашув Россия Федерацияси Президент Владимир Путиннинг эмас, балки Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шахсий аралашуви билан барҳам топган. Бу ҳақда Президентнинг собиқ Матбуот котиби – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ёзиб қолдирди.
Сиёсатдон ўз мулоҳазаларини ёзиш аввалида икки қўшни мамлакат ўртасида келиб чиққан ушбу можаро урушга айланиб кетишидан хавотирланганини айтади.
“Куни кеча бутун матбуот қирғиз ва тожик чегарасидаги отишмалардан ларзага келди. Очиғи, шахсан мен бу ҳодиса катта урушга айланиб кетишидан қаттиқ хавотирга тушиб қолдим. Танклар ва ҳарбий самолётларнинг отишмаларини кўриб, вазият осонликча ўнгланмайдигандек туюлди. Қанчадан қанча одам вафот этди. Жуда кўплар яраланди”.
Алламжоновга кўра, Мирзиёев Садир Жапаров ва Имомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқотда уларни муросага келтирган.
“Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари ва шахсий аралашуви натижасида бугун бу муаммо барҳам топди. Тожикистон ҳамда Қирғизистон Президентларининг ҳар бири билан алоҳида суҳбатлашиб, ўзаро муросага эришилди.
Эртага яна баҳсли фикрлар бўлар, балки. Ким биринчи уруш бошлади, ким ҳақу ким ноҳақ деган айбловлар ҳам ўртага чиқиши мумкин. Лекин нима бўлганда ҳам, қўшниларимиз бир-бирлари билан келишиб олишди. Ўзбекистон раҳбари дунё ҳамжамияти кўз ўнгида Марказий Осиё минтақасидаги ўз овозига эга, энг авторитет шахс, вазиятни барқарорлаштира оладиган лидер сифатида намоён бўлди.Шубҳасиз, бунда кейинги йилларда давлатимиз ва қўшни мамлакатлар ўртасидаги муносабатларнинг яхши томонга ўзгаргани, дўстона алоқалар ўрнатилгани самара берди.
Уруш тўхтади. Аллоҳга минг шукур”, деб ёзади Алламжонов.
❤️❤️❤️