01 Wed, 2026

«Касалланганларнинг 60 фоизи чегарадан кириб келган» — Андижон вилояти ҳокими

Андижон вилоятида коронавирус инфекцияси юқтириб даволанаётган 300 нафар беморларнинг 5 нафари ўрта оғир ҳолатда бўлиб, қолган 295 нафарининг ҳолати эса қониқарли. Бу ҳақда вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов 17 июль куни вилоят аҳолисига қилган телемурожаатида айтиб ўтди. 

«Айни пайтда, Андижон вилоятида 585 нафар коронавирус инфекцияси аниқланган фуқаролар бор.

Хўжаобод туманида Қирғизистон билан «Дўстлик» чегара пункти жойлашган. Водий бўйича биргина шу «Дўстлик» постидан Ўзбекистон фуқаролари Қирғизистондан кириб келишмоқда. Нафақат Андижон, балки мамлакатимизнинг барча ҳудудларида яшовчи фуқаролар фақат шу ердан ўтади.

Мана, икки кун олдин, 232 нафар фуқаромизни қабул қилдик. Ҳозирги ҳолат бўйича яна 200–250 нафар фуқароларимиз «олиб ўтиб кетинглар», деб чегарада кутяпти. Албатта, ҳаммасини олиб ўтмоқдамиз, олиб ўтамиз ҳам.

Лекин бир нарсани тушунинглар: уларга аввало шароитини яратиб, ётоқ жойини, дори-дармонини, озиқ-овқатини ҳал қилгандан кейин, олиб ўтамиз. Уларнинг сонини беришяпти, шунга қараб жой тайёрлаяпмиз.

Коронавирус балоси Ўзбекистонга келгандан бери, «Андижон вилоятида 585 нафар фуқарода касаллик аниқланди», дейилган бўлса, шундан 350 нафари «Дўстлик» чегарасидан ўтган турли вилоятлардан бўлган фуқароларда аниқланган. Бу эса умумий касалланганлар сонининг 60-62 фоизини ташкил этади», — деди Абдураҳмонов.


Шуҳрат Абдураҳмонов Андижонда дорилар нархини сунъий оширган дорихоналарнинг лицензияси олиб қўйилаётганини маълум қилди

Мутасадди вилоятда тиббиётчилар томонидан тавсия қилинган рўйхатдаги 49 турдаги дори-дармоннинг 3 ойлик захираси мавжуд эканлигини айтиб, ҳудудда фаолият юритаётган 1200 дан зиёд дорихоналар билан боғлиқ масалаларга тўхталиб ўтди. 

«Биз ҳудудимизда ишлаб келаётган барча дорихона эгаларига «Агар дорихонангизга кимдир иситма ва томоқ оғриқ дори сўраб келса, у фуқаронинг паспорти бўлса маълумотлари, телефон рақамларини ёзиб олиб, рўйхат қилиб беринглар. Шу йўл билан фуқароларни назоратга олиб, унда касаллик бор ёки йўқлигини аниқлаймиз», деб мурожаат қилдик. 

Сабаби, охирги пайтда кўп фуқароларимиз иситма кириб, томоғи оғриса, оддий касаллик деган фараз билан вирус тушганини сезмай, касаллик кучайиб кетгандан сўнг, тиббиёт муассасасига мурожаат қиляпти. Унгача фуқаро 3-4 кун давомида иситма дори ичяпти. Таъсир қилмаяпти. 

Қолаверса, вилоят прокуратураси ва вилоят прокуратураси қошидаги департамент орқали дорихоналарни иккита масала бўйича расман огоҳлантиряпмиз. Булар — дорихона ходимлари дори-дармонни сунъий нархини кўтарса ёки шу касаллик билан мурожаат қилган кишининг маълумотини бермаса, бу ҳолатга «вилоятимизда вирус билан зарарланишни кўпайишига ҳисса қўшган ёки яширган», деган хулоса билан жавобгарликка тортилади ва унинг фаолият юритиши учун берилган гувоҳномаси бекор қилинади.

Биз ишчи гуруҳ тузиб дорихоналардаги ҳолатни текширтирдик. Афсуски, бир қатор дори-дармон сотувчиларимизнинг фуқароларга энг керакли дорилар нархини сунъий равишда ошириб сотаётганлиги аниқланди. Энди уларнинг фаолият юритиш учун берилган гувоҳномасини бекор қилдиришга мажбурмиз», — деди Андижон вилоят ҳокими ўз мурожаатида.

Шарҳлар

Шарҳ қолдириш