KfW Германия тараққиёт банки Фарғона вилоятида ичимлик суви ва оқова сув тизимларини реконструкция қилиш ва қуришга 200 млн. еврогача маблағ ажратиши режа қилинмоқда
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров KfW Германия тараққиёт банки Лойиҳа маълумотлари бошқаруви менеджери Леа Тереза Штуф бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда KfW Германия тараққиёт банки томонидан ишлаб чиқилаётган Фарғона вилоятида ичимлик суви ва оқова сув тизимларини реконструкция қилиш ва қуриш лойиҳаси муҳокама қилинди. Ушбу лойиҳа учун 49 млн. евро Германия тараққиёт банкининг гранти ажратилмоқда, лойиҳа қийматидан келиб чиқиб, 150 млн. еврогача 15 йиллик имтиёзли кредит ҳам тақдим этилади. Лойиҳавий-баҳолаш ҳужжати (ТЭО) тайёрлаш учун ҳам KfW томонидан 3 млн. евро грант ажратилиши кўзда тутилмоқда.

Ушбу лойиҳа доирасида Қўқон ва Марғилон шаҳарларида жойлашган ҳамда атроф ҳудудлардаги шаҳар ва туманларга ҳам хизмат кўрсатувчи оқова сув тозалаш иншоотларини, шунингдек, ушбу ҳудудлардаги ичимлик суви тизимларини замонавий технологиялар асосида реконструкция қилиш ва қуриш режалаштирилмоқда.
Ҳозирда лойиҳани тегишли вазирликлар ҳамда Республика идоралари билан келишиш жараёни жадал давом этмоқда.


Ушбу лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш учун ҳар томонлама кўмак беришга тайёр эканликларини таъкидлаган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Фарғона вилояти Германия билан кўплаб соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга интилаётганини қайд этиб, келгуси ойда вилоят ҳокими ўринбосари бошчилигидаги фарғоналик тадбиркор ва ишбилармонлардан иборат делегациянинг Германияга ташрифи амалга оширилишини маълум қилди.
KfW Германия тараққиёт банки вакиллари бугун Қўқон ва Марғилон шаҳарларида ҳам бўлиб, мавжуд ичимлик суви ва оқова сув тизимлари билан танишишади.
❤️❤️❤️