СЎЗ
Авваллари ўқиётганларимга ишонардим - уларнинг хаққоний бўлмаслиги ҳақида мутлоқ шубхага бориб ҳам ўтирмасдим. Асли шу “авваллари” сўзини ёмон кўраман, худди ўтмишдаги ҳаётини қўмсаб яшаётганлар тоифасига қўшилиб қолгандек сезаман ўзимни. Мен яшаган ўтмишдан ўрнак олиш керак бўлган жихат шунда эдики, унда (тарих дарсликларини хисобга олмаганда) ажойиб китоблар бор эди ва уларни ўқиб чиқиш учун чексиз вақт ҳам. Назаримда, у пайтлар бир кеча-кундуз 72 соатдан иборатдек эди. Бир кунда баъзан иккита китобни ўқиб тугатардим.
Энди-чи? Ҳозир эса ҳеч нарсага вақт етмайди. Бундан 10 йиллар аввал Оврупада яшайдиган бир дугонам вақт ва замон ҳақидаги сухбатимиз давомида “бу ерда вақт шиддат билан ўтади” дегани эсимда. Негадир бу гапни эшитиб ўшанда ғувиллаган шамол кўз олдимга келганди ва лекин бу иборанинг маъносини унча англамагандим. Яқинда бу сухбат ёдимга тушди. Орадан 10 йил ўтиб, ўша пайтда Оврупода шиддат билан ўтувчи вақт тушунчаси мана,бизгача ҳам етиб келди. Бунинг нима эканини энди тушунмоқдаман. Ахборот тезлиги ва унинг ниҳоятда кўп эканлиги, умуман шунга ўхшаш жамики икир-чикирлар ўз ҳаётимизга тегишли бўлган вақтимизни “ўғирлаб”, шахсий ҳудудимизни керакли ва кераксиз ахлат билан тўлдирмоқдаки, хаёлимиз ўзлигидан чиқиб, ўз маконимизни бегона,бизга тегишли бўлмаган, ёт унсурдан тозалаш билан банд бўлиб қолиши натижасида қайта ва қайта кунларимиз, ойларимиз, йилларимизни бехуда машғулот билан бой бермоқдамиз.
Ахборот – бу сиёсий қуролдир, айтилган оддийгина бир сўз қайсар ханжар каби одам руҳини чавақлаб ташлаши ва ёки одам хислатини ўзгартириб юбориши, хаттоки унинг азму қарорини ер билан яксон қилиши мумкин. Сўз – ўз ўрнида ишлатилса эзгуликка хизмат қилиши, аксинча бўлганда эса хаттоки инсонни ўлдириши мумкин. Бекорга ўтмишни эсламадим. Авваллари ўқиган китобларимдаги сўзлар бирлашиб кўз олдимда чексиз дунёларни барпо этарди, инсон кўзи илғамас сархадларни сўзлар ёрдамида босиб ўтардим, номаълум қиёфадаги инсонлар билан сухбатлашардим. У пайтлар сўз кучи шу даражада илохий эдики, улардан жамланган китоблар бутун бир хазинага тенг эди. Ҳозир ҳам китоб ўқийман, замонавий, бугунги китобларни. Лекин улар, тўғрироғи, бу китоблар мени ўқийди. Ундаги сатрларга кўз юритганим сари, қовоқларим оғирлашиб, кимнингдир қаттиқ ва оғир назарини ҳис этаман, менга зимдан боқиб, кўнглимга кирмоқчи бўлган-ундаги сирлардан воқиф бўлишга уринаётган аллақандай шарпа ҳеч тинчлик бермайди. Бу китобларнинг ҳеч бирини охиригача ўқиб тугатмаганман. Чунки улар оғир сўзли, қўлида яширин ханжар тутган душманга ўхшайди...
Мен бугунги китобларнинг ҳеч бирини ўқигим келмайди, лекин э-вох, китобсиз яшаб бўладими?! Чорасизликдан аввал ўқиган китобларимни бошқа тилларда ўқий бошлайман, шунда аввалги таниш таассуротларни бошқа мен аввалгидек, фақат бошқа макон ва ўзгача тусда бошидан ўтказаётгандек туюлаверади. Нима ҳам қилардим, етарлича қизиқарли машғулот.
Бу дунёда хатто майса ҳам ўз номига эга. Унинг оти сўздан иборат. Агар шу сўзга бошқа бир сўзни қўшсангиз, майса ўсишда давом этиши ёки халок бўлиши ҳам мумкин. Бугун дунёда қарашлар, муносабатлар, туйғулар эмас, сўз хукмдордир. Баъзан қобилиятсиз, тантиқ ва бефикр шахс ҳам тилидаги ножоиз сўз билан қуролланиб, одамлар орасида шуҳрат топиши эхтимолдан асло йироқ бўлмай қолди. Ачинарлиси, бундай кишилардан иборат гурухлар пайдо бўлиб, улар ўзлари учун янгича ном, янгича касб барпо этдилар. Беўхшов тилларида аранг илиниб турган, озиб-тўзғиган, шу тилда мажбурликдан, тутқунлик сабаб осилиб турганидан ерга кириб кетгудек даражада уялган СЎЗ ёрдамида одамлар орасида машхурликни, жабрдийдаликни даво қилаётган, ўзи эса тилида хануз илиниб турган шу СЎЗчалик ҳам орияти бўлмаган баъзилар..
Сўз маданияти, ундан фойдаланиш, фойдаланганда ҳам унинг гўзал охорини тўкмай, исроф қилмасдан, эхтиёжга кўра ишлатиш одоби унутилган беўхшов жамиятдир бу – биз яшаётган дунё. Оҳ! Яллачи қўлидаги шаллақилик эхтиёжи қуролига айланган бу шўрлик СЎЗнинг аҳволини Бальзаку Алишер Навоий, Пушкин кўрганида эди.. Оҳ, ерларга тўкилиб, синиб, хор бўлган, бўлаётган СЎЗ!! Шиддатли замон ахбороти қўлида хор ва зор бўлаётган СЎЗ!! Сенга нақадар ачинаман ва сен учун, сенга қўшилиб кўз ёш тўкаяпман...
Сабоҳат Раҳмонова
❤️❤️❤️