01 Wed, 2026

ЎТМИШНИНГ ЗАРЛИ ВАРАҚЛАРИ ШОНИ

“Ўзга ҳаёт, ўзга тақдирларни тушуна олмагувчи киши кўр ва соқовдир”

                                                                                                                     Иоганн Вольфганг фон Гёте


Ҳар кимда бўладиган ҳол – бисотимда жуда бир кўхна, орзудек қардли тилсим қолган. Тўғрироғи, бу онамнинг оналаридан қолган.  Албатта, тўғридан-тўғри  менга қолган эмас, шунчаки менга қараб туриб айтилган бувимнинг орзулари. Бир сафар бизникига келганларида чуқур “уҳ” торта туриб: “эрким қўлимда бўлганда эди” деган эди бувим. 13 ёшида бой отаси томонидан турмушга узатилиб, 2та қизлик бўлганида бой эрини босмачилар (бу сўздан энсаси қотувчилар учун “эркчилар” десам таъбир жоиз бўлар) сўйиб кетгач,тул қолган ва 22 ёшида менинг бобомга рафиқа бўлган менинг бувим 102 йиллик умри ниҳоясида “эрким қўлимда бўлганда эди...”дея ўз кўнглича “исён” қилгани – мен учун тилсимнинг ўзи эди. Бувимдан бу сўзларнинг изоҳини сўрамаганман, билардимки, сўрасам ҳам бу мағрур “пошшо ойим” айтмасдилар. Бироқ эрк деганлари замон-у ошён, ёшу фалак танламаслигини билардим. Ўшанда ўзимга-ўзим бу эркни бир кун келиб албатта қўлган киритаман ва бувимнинг орзуси не-лигини тушунишга ҳаракат қиламан, дея ахд қилгандим.  Албатта, деярли ҳар бир кишида бундайин ҳикоялар бисёр. Фарқи - кимдир бу ҳақда ўйлаб кўради ва кимдир эса йўқ. Айниқса, улар тарих билан уйқашган бўлса. Ахир ўтмиш деганлари бу келажак эмас-ки, уни бир зарба ёки бир қарор билан ўзгартириб ташлаш мумкин бўлса. Биз ҳатто ўзимизнинг ўтмишимиздаги воқеалар тугунини ечиб ёки уни бошқа тўғонга бура олмаймиз-ку, жамият, замонга тегишли тарих варақларига тишимиз ўтармиди.

Яқинда ижтимоий тармоқда ёшгина бир ТАҚСИРнинг ғариб фикрларини ўқиб қолдим (Холбуки, биргина бу йигитча фикрига эътибор қаратаётганим нотўғри, чунки бундай фикрлар, қарашлар тобора кўпайиб бормоқда). Гўёки “Иккинчи Жахон уруши қурбонларини хотирлаш ўрнига тахорат олиб намоз ўқи”ш зарур экан. Агар мен шу йигитчанинг тарих ўқитувчиси бўлганимда, юртим, ҳеч бўлмаганда ишлаётган мактабимни ташлаб  бош олиб кетган бўлардим. Афсус, агар тарих ўзгара олганда эди, шу асрда, Ўзбекистонда туғилиши керак бўлган бу доно йигитчанинг улғайишини кутган ва ўтмиш шу йигитча “талаби”га асосан қайта ёзилган бўлур эди. Афсус, унинг наздида, бундан 75 йил аввалги урушда зомин бўлган 45 миллиондан ортиқ кишининг хотираси ёдга олиниши улуғлик эмасмиш. Улар ахир бизнинг боболаримиз, оталаримиз, биз эса уруш қуронларининг авлоди эмасмизми? Бу “раддиячилар”нинг кўпчилиги асли Иккинчи Жахон уруши қачон бошлангани, унда қайси мамлакатлар қатнашгани, қолаверса унинг якуни ҳақида тузукроқ билимга ҳам эга эмасликларини аниқ биламан. Чунки бундай кишиларнинг сухбатида бўлганман.

    Асли урушларни оқлаб бўлмайди. Уларда иштирок этганнинг ғолиб бўлгани ҳам, мағлуби ҳам аслида ютқазади. Ахир мамлакатлар вайрон бўлади, хонавайронлик, очарчилик, айрилиқ, қайғу дунёни тутади. Иқтисод, ривожланиш ортга чекинади, давлатлар қашшоқликка юз тутади, болалар етим қолади. Бундай урушлар нафақат иқтисодий, сиёсий, шунингдек моддий, маънавий ва мафкуравий қашшоқликни ҳам келтириб чиқаради. Бу икки карра иккидек гап. Бироқ бу тарих. Уни ортга қайтариб бўлмас. Бу ўтмишда яшаб ўтган ота-боболаримизнинг балки ихтиёрий ва балки мажбурий қисмати, танлови, тақдири. Уни ўзгартиришга, боболаримизни қоралашга, “ақл бўлиш”га ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ўзини бунга ҳақлиман деб ҳисоблаган эса ўз “қоралама”ларини ўзи учунгина ишлатиши ва бу ақлиқосирликни жамоатга кўз-кўзламаслиги лозим. Шунда бундайлар ҳақида “билими, ақли бўлмаса ҳам тарбияси бор экан” дейишади, яъни “отангга рахмат” каби.

Хотира санасидан 3-4 кун аввал Иккинчи Жахон уруши сабабчиси бўлган Германиянинг Москвадаги элчихонаси вакиллари Россия томонга Кобленцдаги Федерал архивда сақланаётган йигирма мингта хужжатлар жамланган флешкани тақдим этди. Уруш йиллари немис концлагерларига  5 миллиондан ортиқ собиқ СССР махбуслари ташланган ва улардан 3 миллиони шу ерда халок бўлган. Тақдим этилган хужжатларда махбусларнинг харбий билетлари, тиббий карточкалари ва бошқа қайдномалар мавжуд эди. Бу ҳам тарих. Аянчли, юракни эзадиган бўлса-да ўзига хос тарих. Кўплаб юзсиз, беодоб авлодларнинг суяксиз тилларида “ғажиладиган” мавзу эмас. Ўз аждодлари бошқа миллат ва элатлар устидан фашистлик қилгани учун ҳали-ҳануз уруш мавзусини ўзларига “табу” деб билиб, бу ҳақда сўзлашдан ниҳоятда орият қилувчи немис халқи фарзандлари сизлардек фикр юритганларида нима бўларди экан?  Эрк нималиги, орият нималиги, юртининг бир қарич ерини ҳам душманга раво кўрмаган, ўз ихтиёрлари билан Ватан ҳимоясига отланганлар орасида ҳаттоки она сути оғзидан кетмаганлари ҳам бор эди. Сиздеклар эса, карантин пайти иссиққина тўшагида ўтириб олиб “шунинг ўрнига намоз ўқи эди” дейишяпти. Мен сиз кабилардан ор қиламан.

     Сизни ҳам тушунса бўлади. Ўзингизча тақводорсиз. Қўйиб берса мамлакатни – Ўзбекистонни Халифатга айлантирсангиз. Биринчи галда аёлларни паранжига солсангиз (чунки сиздекларни кучи фақат ожизларга – аёлларга етади), сиздекларга ёқмаган одамларни  хайдасангиз ё ўлдирсангиз, ўғрини қўлини чопсангиз ва ёки бошқа жазолар қўлласангиз, худди ўтмишдагидек. Хўш, кейинчи? Кейин нима қиласиз? Қандай ривожланасиз? Нима хисобига? Ўруснинг телевизори,чироғи, илмий асарлари, кофирнинг музлатгичи-ю ҳаво салқинлатгувчиси, дори-дармони, автомобили-ю самолётисиз яшай оласизми? Иккинчи Афғонистон  бўлмоқчисиз, шекилли. Ва ёки шундай Халифат орзусидагиларнинг гуллаб-яшнаган Сурия давлатини хароб қилгани каби сиздеклар ўз юртингизни ҳам барбод қилмоқчимисиз? Сиз кабиларнинг бундайин манфур орзулари  нафақат мен, кўпчиликка маълум. Шу ўринда сизга ўзим гувоҳ бўлган бир воқеани айтиб бераман. Бир сафар Давлат Хавфсизлик Хизматининг диний ишлар бўйича  ходими-30 ёшлардаги йигитнинг сиз каби қандайдир шубҳали оқимга мансуб, 80 ёшлардаги дин пешвоси билан бўлган суҳбатини эшитдим. Одоб билан изхорланган салом-аликдан сўнг йигитнинг берган саволига тақсир шундайин жавоб берди: “Пайғамбаримиз эркакларга 4 тагача хотин олишга рухсат берганининг сабаби, эрсиз аёллар кўча-кўйда ғариб бўлиб, шаънларини булғамасин, хор-зор бўлмасин деб буюрганлар” дея жавоб қайтарди. Шунда 30 ёшлардаги ходим ўз саволини Тақсирга қарата, асли бу тартиб ўша пайтлар 60-80 тадан хотин олиш одатини 4 тагача чеклаш мақсадида жорий этилганини  мухтасар шархлаб берди. Илмсиз Тақсир сўз топа олмай қолди ўша пайт. Дин илмига доир оддий саволга тўғри жавобни  билмаган киши бу илмни қандай қилиб одамлар орасида ташвиқот қилади? Худди сиз каби. Ўзингиз билмаган, тушунмаган тарихни кулги қилиш сизга ёқади,назаримда.

Иккинчи Жахон урушини нега қоралашингизни биламан, назаримда. Сизни асли собиқ СССР Ўзбекистонни Иттифоқ Республикага айлантиргани ёқмайди. Шу нафратингиз оқибатида ўз аждодларингиз руҳини ҳам унутай дегансиз. Бироқ ўша пайтда, агар билсангиз, 15 та Иттифоқ Республикалар бўлиб, улар орасидан жой олган Литва, Латвия каби давлатлар ҳозир Европа Иттифоқи сафида. Сиз бунга нима дейсиз? Қандай қилиб улар, сизнинг тилингиз билан айтганда, собиқ мустамлака панжасидан чиқиб обрўли пилапоядан чопқиллаб кета олди экан? Ахир бу ҳолат сизга хақоратдек туюлмаяптими?

Ўйламанг, мен ҳеч кимга хизмат қилмайман, Ватанимдаги хато ва камчиликларни яхши биламан. Яна шуни биламанки, йиллар, вақт одамларни ҳам, мамлакатларни ҳам ўзгартиради. Албатта, яхши томонга. Мен шунга ишонаман. Умид қиламан. Ҳаммадан ҳам ғурурланганим эса шонли ота-боболарим яшаган бу тупроқ жуда бой тарихга, зарли ўтмишга эга. Мен унинг барча шавкати, барча мағлубияти-ю шарафи, бу заминга тўкилган қони, вайрон бўлган бинолари-ю бироқ мағрур қолган юраги, руҳини яхши кўраман. Одам ўз юрти тарихидан нафратланиши, уялиши мумкинми? Бу ахир ота-боболаримизга тегишли бўлган уларнинг ҳаёти эмасми? Инсон қачонки, ўткир билимга эга бўлса, дунёвий ва диний фанларни чуқур билсагина кенг тафаккури орқали мулоҳаза юрита олади. Бундай инсонларни ҳурмат қиламан. Бундай кишилар ўқитувчилар орасида ҳам жуда кўп. Аммо етарли эмас. Агар улар ёшларга барча фанлардан етарлича ва чуқур билим бермас эканлар, уларнинг фикрлаш даражасига эътибор бермас эканлар, келажакда комиллик хислат бўлмай қолаверади, Ўзбекистон эртаси хавфли авлод қўлида қолади, бу эса таназзул дегани. Худо сақласин.

Фикр билдирайлик ҳамиша. Фақат юртга мадад бўладиган, Ватан кишиларини қўллаб-қувватлайдиган, очни тўйдирадиган, тўқни оздирадиган эрксевар фикрлар бўлсин. Илойим. Орзуларимиз менинг бувим умри сўнггида ҳаёл қилган озодлик ҳақидаги армонига ўхшамасин, фақат руҳимиз каби қалбимиз ҳам очиқ, сахий, эркин бўлсин. Мен ҳам, ниҳоят, кечроқ бўлсада бувим орзу қилган эркни юрагимда туя олдим.  Қўрқувдан холи, ишончдек мустахкам, қор-у ёмғирдек шиддатли. Бундан ортиғи бўладими?


Сабоҳат Раҳмонова

Шарҳлар

Шарҳ қолдириш