Юртимизнинг ҳар бир ҳудудида технопарк ташкил этилади.
Жорий йилнинг 22 май куни “Республика ҳудудларида Ёшлар технопаркларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” Ҳукумат қарори қабул қилинди. (313-сон, 22.05.2020 й.)
Қарорда республиканинг ҳар бир ҳудудида босқичма-босқич Ёшлар технопарклари ташкил этилиши кўзда тутилган.
Ҳудудларда ёшларнинг интеллектуал, илмий, ижодий салоҳиятини ошириш технопарклар фаолиятининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.
Технопарклар Инновацион ривожланиш вазирлиги муассислигидаги ҳамда масъулияти чекланган жамият шаклидаги юридик шахс ҳисобланади.
Технопарклар фаолияти вазирлик ҳузуридаги Ёшлар академияси томонидан мувофиқлаштирилади.
Технопарклар бино ва иншоотларини қуриш, қайта таъмирлаш ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш харажатлари Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади.
Технопарк директори тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ҳокимларининг тавсиясига асосан инновацион ривожланиш вазири томонидан лавозимга тайинланади.
Қарор билан 2020-2023 йилларда республика ҳудудларида Ёшлар технопаркларини босқичма-босқич ташкил этиш режа-жадвали ҳам тасдиқланди.
Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига сафари чоғида вилоят марказида Digital City номли технопарк билан танишган эди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилган. Яқиндагина 5,6 гектар майдонда қуриб битказилган ушбу мажмуа ахборот технологиялари ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, дастурий маҳсулотлар экспортини йўлга қўйишга қаратилган. Ҳозирда бу ерга туманлардан 328 мутахассис жалб этилган.
Эслатиб ўтамиз биринчи технопарклар АҚШда пайдо бўлган. Иккинчи жаҳон урушидан кейин Стэнфод университетида талабалар сони кескин ошиб кетиб, ўқув муассасасини молиялаштириш бўйича муаммолар юзага келган. Университет анчагина катталикдаги ер майдонига (32 км² атрофида) эга бўлгани, аммо уни сотишга ҳаққи бўлмаган. Бу чекловларни инобатга олганда муҳандислик факультети декани Фредрик Терман университет раҳбариятига ерни юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи компанияларга узоқ муддатли ижарага бериш таклифи билан чиққан.
Камола Абдувалиева
❤️❤️❤️