Зар ниқоб - зар-зар ниқоб, оддий ниқоб- дока ниқоб.
...бу ҳақда ўйлашнинг ўзи оғир. Гарчи уйда, ўз-ўзингизни тўрт девор ичига ихтиёрий махкум этиб ўтирган бўлсангиз ҳам, хаёлингиз қочганда ёхуд шифокор бўлмиш қариндошингиз ва хатто олис танишингиз(холбуки унинг хатто исмини ҳам аллазамондан бери эслолмайсиз) “лоп” этиб ёдингизга тушганда, кўнглингиз алланечук бўлиб кетаётгани,рост. Бу ҳақда яна қайта ёзаётганимдан хижолатдаман, бироқ сиз каби мен ҳам улар ҳақида ўйлаётирман - тиним билмай ишлаётган опам каби Ўзбекистондаги барча шифокорлар учун ташвишланаяпман. Эрталаб соат 6 бўлмай ишга кетиб, кечки саккиздан кейин уйга қайтаётган опамга қўнғироқ ҳам қилолмайман. Сабаби уни ишдан чалғитгим келмайди, беъмани ташвишим билан асосий машғулотидан қолдирмайин, дейман. Ахир менинг ташвишланаётганим унга нима ҳам қилиб бера оларди. Кечқурун эса ишдан келиб кечки овқатини ейишга улгурмай чарчоқдан ухлаб қоладиган опамни бу сафар дам олишдан мосуво этмай дейман. Шу тариқа мана, неча кундирки, опам билан гаплашолмайман. Ҳозирда шифокорларнинг барчаси мана шундай ишламоқдалар. Пандемия юртимизда кенг тарқалиб, бизларни-барчамизни ўз домига тортмаслиги учун курашяпти қахрамонларимиз. Асли биз-уйдан чиқмай ишлаётганлар, оиласи, фарзандларини бошқариб ўтирганлар, ош-овқат пишириб, барчани тўйдираётганлар ҳам, қайсидир маънода қаҳрамондирлар, шифокорларга мададдирлар, уларнинг кўксига тақилган нишондирлар. Шифокорлар ҳам бизнинг шу қилаётган ишимизни маъқуллаб, янада қаттиқ ишламоқдалар, биргина ҳимоя восита бўлмиш - тўрт қаватли дока-ниқоб тақиб олиб “махлуқ” билан курашяптилар. Сиз билан биз зарурият туфайли кўчага чиққанимизда ишлатадиган ниқобнинг худди ўзи. Ҳозирда улар бошқаларни ҳимоя қила туриб, ўзлари учун биргина шу дока-ниқобдан фойдаланмоқдалар, ҳаётларини хавфга қўяётганлари, ҳақиқат. Бир пайтлар халқнинг ҳақорати, калтаги, писандаларини индамай қабул қилган шифокор бугун, ўз ҳаётига хавф солаётган эпидемияга дока-ниқоб билан қарши туриб қўрқувни ҳам ичига ютяпти.
Баъзи бирларимиз эса ҳамон ўзимизда эмасмиз. Гўё бу хорижлик “махлуқ”ни таниш-билиш ё пул билан нари қилмоқчи бўламиз ёки бу ҳолатни хангома қилмоқчи бўламиз, аммо улар ўринсиз ва беўхшовлигидан уялмаймиз ҳам. Хавфсизлик нуқтаи-назаридан Мухофаза пунктига қўйилиши керак бўлган шахс албатта у ерга қўйилиши керак, айтилган муддат ўтгунча у ерда сақланиши шарт.Ҳарқалай, эпидемия билан курашаётганлар сиз-у биздан кўра кўпроқ биладилар. Сиз билан биз эса бу буйруққа бўйсунишимиз лозим. Бизнинг, юқорида айтганим – қахрамонлигимиз ҳам шундадир, шифокор белгилаган зарурий чорага бўйсуниш-умумбашарий курашга ўз ҳиссамизни қўшаётганимизни англатади. Бу Мухофаза муддатидан қочиш ёки “таниш-билиш” орқали уни рад этиш-беъманиликдир, ўлим каби маъноси йўқдир унинг! Ушбу вазият буткул халокатли эмас, ундан албатта чиқиб кетамиз, лекин унда вахима ёки худбинлик билан халокат чироқларини ёқувчи биз-ўзимиздир.Ёқа туриб вахима билан ўзимиз, оиламиз ва фарзандларимизни хавфга қўйишимиз ёхуд худбинлик билан ёрдамга мухтож ҳимоясиз қўшнимизни хавфда қолдиришимиз мумкин. Бу – оғир ички вазият. Унда аниқ ҳаракат дастури ёки йўл-йўриқ мавжуд эмас. Фақат юракдан ҳис эта олиш мумкин. Тушунинг ва амал қилинг. Кўча-кўйни эмас, ўз қалбингиз ҳовлисини обод қилинг ҳозирча.
Пандемияда оддий дока-ниқоб эгаси бўлмиш шифокорларбизнинг -четларига зар иплар ўтқазилган, бир бурчида машхур фирма белгиси бўлмиш ниқоб эгаларини офатдан ҳимоя этмоқдалар. Албатта, бизлар бугунги куннинг “зар-зар ниқоб”имиз, чунки ҳимоядамиз, шифокорлар эса юпқагина дока ниқоб билан жангдалар. “Фақат бизда шундай” деган фикрга келманг. Эпидемия билан курашаётган бошқа мамлакатларда ҳам ҳимояланиш воситалари етишмаяпти. Дунё давлатлари бу каби эпидемияга тайёр эмасдилар, буни англаш фурсати етди.“Юртга бало ёғилса, хўл-у қуруқ баробар ёнади” деганлари шудир, эхтимол. Хориждаги қизимнинг айтишича, вирус юқтирган беморлар бўлимида ишлаётган ходимлардан ташқари барча оддий бўлимлардаги шифокорлар ҳимоя воситасисиз ишламоқда экан. “Бу ерда ниқоблар етишмаяпти” дейди қизим.
Булар ҳақида ёзар эканман, “мен барчасини биламан” демоқчи эмасман-бу фикрдан йироқман, мен ҳам бошқалар каби кўп нарсани билмайман, аммо билишга, ёлғон хабарларни эмас, ҳақиқат бўлганларини билишга, чекловлар, ўзгаришлар чўчитса-да, саросимага тушмасликка ҳаракат қиляпман. Уйда сабр, сабр ва сабр билан ўз-ўзларини изоляция қила туриб, ишламаётгани боис яна қанча муддат оиласини боқа олишидан ташвишга тушаётган бўлсада, буни сездирмаётган, шунда ҳам, ҳеч кими йўқ ёлғиз ва кекса қўшниси ҳолидан хабар олиш кераклигини тушуниб, унинг эшиги тутқичида бир тутам ё бир бўлак егулик қолдираётган олийжаноб кишилар...Бу мардларнинг хислатидир. Улар бу ҳақда жар солиб сўзлаётганлари ҳам йўқ.
Аслида хорижда менинг ҳар икки фарзандим тахсил олишади. Улар ҳозирги вазият туфайли Ўзбекистонга келмай туришга ахд қилишди. Бу ердагиларни хавфга солишни исташмади. “Ҳозир ҳаммамизга қийин, лекин сабр қилишимиз керак, қўрқувнинг кўзи қирқта” дея ҳазил қилади ўғлим, болалигида эшитган эртагидаги иборани эслаб. Нафақат мен-онасидан, шунингдек, жамики ўзбекистонликлардан хавотир олиб сўзлайди у. “Ғам эшик қоққанда,уй эгалари баб-барвар ташвишга тушадилар”,деганларидек, юрти кўчаларини тушларида кўриб соғинадиган ўғлим, унинг қайғусига шерик бўлаётганидан хурсанд бўламан.
Бу каби вазиятда бўлиб турган воқеаларга бегона, ёт кўз билан боқиш, юрт устидан кулиш демакдир. Тўғри, бу давлатда ҳали камчиликлар кўп, муаммолар етарли. Бу ҳақда кейин, Пандемия кетгач, сўзлашсак яхши бўларди. Мен сизга қарашиб юбораман ўшанда. Роса “ғийбатлашамиз”, хўпми? Фақат ҳозир бунинг мавриди эмас. Бугун қилишимиз керак бўлган ишимиз “зар-зар ниқоб”ларимизни тақиб олайлик, ватанпарварлигимиз жуда тутиб кетса агар, “дока-ниқоб”ли шифокорлар, мутахассисларни олқишлаб турсак ҳам, катта гап. Бу, албатта, сиз-у бизнинг қўлимиздан келади.
Сабоҳат Раҳмонова
❤️❤️❤️